Икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Озарбайжон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Гасанов бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Расмий ташрифнинг асосий кунида дастлаб меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамроҳлигида Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилди.
Шундан сўнг, делегация вакиллари ташрифнинг асосий қисми бўлиб ўтадиган “Бухоро” полигонига йўл олишди. Полигонда генерал-полковник Зокир Гасанов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф муносабати билан фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга қаратилган расмий учрашувда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ҳамкорликда эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ўзаро яқин дўстона муносабатлар янги стратегик шерикчилик босқичига кўтарилганлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат армиясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий таълим ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам фикр алмашдилар. Ҳамкорликни давом эттириш борасида истиқболли таклифлар билдирилди. Учрашув сўнгида эса томонлар ўртасида 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Озарбайжон ҳарбий делегациясининг юртимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!