O‘zbekiston

Сергелида портлашдан сўнг хонадонлар таъмирланмасдан ташлаб кетилганми?

Сергелида портлашдан сўнг хонадонлар таъмирланмасдан ташлаб кетилганми?

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 28 сентябрь куни Сергели тумани Қурувчилар дахасида рўй берган фавқулодда вазият натижасида шикаст етган хонадонларнинг баъзилари таъмирланмасдан ташлаб кетилганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди.

Шуни маълум қиламизки, мазкур фавқулодда ҳолат юз берган куни ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган штаб томонидан, ҳодиса оқибатида шикаст етган барча хонадонлар ўша куниёқ хатловдан ўтказилиб, уларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Шу кунга келиб 39 та кўп қаватли уйдаги 1 144 та хонадонда ишлар якунланган, 65 та хонадон ҳамда 12 та ерли хонадонда ишлар давом этмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам баъзи шикаст етиш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларда ҳозирги кунга қадар таъмирлаш ишлари якунига етмаганлиги ва бу ишлар ҳозирда ҳам давом этаётганини маълум қиламиз. Ушбу ишларнинг ҳанузгача якунланмаганлиги таъмирлаш жараёни учун зарур бўладиган жиҳозларни (ностандарт дераза, эшик-ромлар) тайёрлашга талаб этиладиган муддатлар билан боғлиқ.

Шунингдек, вазиятга пудратчи ташкилотларнинг ўз зиммасига уддалай олмайдиган ишлар ҳажмини олишгани оқибатида вужудга келган кечикишлар, масъулиятсиз ёндашувлар ҳам сабаб бўлди.

Шу билан бирга, афсуски, ҳудуд аҳолиси орасида вазиятдан унумли фойдаланиб қолиш, дераза-ромлар ва эшикларни замонавийларига алмаштириб олиш  мақсадида уларни қасддан синдириш ҳолатлари ҳам учради.

Ҳозирги кунда, ҳодиса оқибатида зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш ишлари давом этаётганлиги ва тўлиқ охирига етказилиши туман секторлари раҳбарлари томонидан қатъий назоратга олинганлигини маълум қиламиз.

Ўз навбатида, ушбу ҳудуддаги вазиятга бефарқ бўлмаган барча ОАВ вакиллари ҳамда фаолларга миннатдорлигимизни билдирамиз.