Jahon

Миср Исроил ва АҚШсиз ўтган тинчлик саммитига мезбонлик қилди

Миср Исроил ва АҚШсиз ўтган тинчлик саммитига мезбонлик қилди

Шанба куни Мисрда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарони ҳал қилиш йўлларини топиш учун тинчлик саммити ўтказилиши режалаштирилган эди.

Шу муносабат билан бугун Араб ва Европа давлатлари раҳбарлари, Россия ва Хитой элчилари, БМТ Бош котиби ва Фаластин маъмурияти раҳбари Қоҳирада йиғилди. Улар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш йўлларини изламоқда. Тинчлик саммити Исроил ва унинг асосий иттифоқчиси ва ҳимоячиси – АҚШ иштирокисиз ўтказилди.

Саммитда нутқ сўзлаган раҳбарларнинг сўзларидан иқтибослар:

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос: “Биз халқимизни Ғазодан кўчиришга, Қуддус ёки Ғарбий Соҳилдан фаластинликларни қувиб чиқаришга уринишлардан огоҳлантирамиз. Биз ҳеч қачон кўчирилишига рози бўлмаймиз, қандай қийинчиликларга дуч келмасин, биз ўз юртимизда қоламиз”.

Иордания қироли Абдуллоҳ II: “Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Исроилдаги бегуноҳ тинч аҳолига нисбатан зўравонликдан қаттиқ ғазабдаман ва қайғудаман. Ғазонинг давом этаётган бомбардимонлари шафқатсизлик ва виждонсизликдир. Бу қамалдаги ночор халқни жамоавий жазолаш, бу халқаро гуманитар ҳуқуқни қўпол равишда бузиш, бу уруш жиноятидир”.

Миср президенти Абдель Фаттоҳ ас-Сиси: “Бугун барчангизни бу ерга таклиф қилдим, шунда биз биргаликда Ғазодаги мавжуд гуманитар фалокатни тугатиш ва бир неча жабҳада тинчлик йўлига қайтиш бўйича йўл харитасини келишиб олишимиз мумкин. Ғазога инсонпарварлик ёрдамининг хавфсиз, тез ва узлуксиз етказилиши, шундан сўнг дарҳол ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилиши керак.»

Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий: “Ғазода кенг кўламли ҳарбий жиноят содир этилмоқда. Фаластинликлар геноцид таҳдиди остида. Исроил ишғолига барҳам бериш вақти келмадими?»

Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна: “Исроил бу ҳолат такрорланмаслиги учун ўзини ҳимоя қилишга ҳақли. Лекин унинг ҳаракатлари адолатли ва халқаро қонунларга мувофиқ бўлиши керак… Биз ҲАМАС ҳаракатларини қоралаймиз ва барча давлатларни ҳам шундай қилишга чақирамиз. Ҳамас фаластинликлар вакили эмас. Бу гуруҳнинг ҳаракатлари учун тинч аҳоли жавобгар эмас”.

Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде: “Биз глобал инқирозга айланиб қолиш хавфи остида турган чуқур инқироз даврида турибмиз”.