Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги комиссия шу кунларда Россияга ташриф буюриб, у ерда ўқиётган ва ишлаётган мигрантлар шароитлари билан танишди. Президент маслаҳатчиси Россия давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россиядаги мигрантлар болалари учун боғча ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўраган.
“Говорит Москва” радиостанцияси билан суҳбатда россиялик депутат Михаил Делягин бу ташаббус ноқонуний эканлигини айтди. Бу Россия конституциясига зид бўлиб, дискриминацияга сабаб бўлар экан. Қолаверса, рус депутати Ўзбекистонга қарата жиддий айбловларни илгари сурган. Унинг фикрича, бу ҳаракатлар Россия ичкарисида руслар учун бегона ва душман анклавларни яратишга қаратилган онгли сиёсатдир.
Шу билан бирга, у Ўзбекистон Россияга “сиқиб чиқарган” ўз фуқароларини қайтариши лозимлигини билдирган.
“Биринчидан, ҳар қандай мамлакат ўз фуқаролари тўғрисида қайғурган ҳолда уларга зарур шароитлар яратиш бўйича ташаббусларни илгари суриши нормал ҳолдир. Ушбу ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш сўзсиз Россия қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Иккинчидан, Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, табиийки, ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминламоқдалар, Россия уларни текинга боқмаяпти. Бу борада уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этган ҳолда ўзларининг айни кучга тўлган даврларида Россия иқтисоди учун хизмат қилмоқдалар.
Учинчидан, рус депутатининг иттифоқчи мамлакатга нисбатан бу каби ўта оғир айбловларни илгари суриши Россия билан муносабатларда ҳаттоки энг яқин ҳамкорларини ҳам ҳушёрликка даъват этади.
Тўртинчидан, ўртоқ Делягин Михаил, агар сиз айтгандек, Россия Федерацияси каби катта мамлакатни меҳнат мигрантлари “парчалай” олса, олдингизда давлатчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа муҳимроқ вазифалар турибди.
Михаил, бизда эркин ОАВ бор, Дума депутатлари айтаётган фикрлар Ўзбекистон жамоатчилигига етиб боради ва шубҳасиз мамлакатингизга нисбатан салбий фикрни шакллантиради. Давом этинг”, — дейди Бекмуродов.
Аввалроқ “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ҳолатга муносабат билдириб, Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!