Jahon

Хитойлик дори ишлаб чиқарувчилари йўқолиб бораётган ҳайвонларни эксплуатация қилишда айбланмоқда

Хитойлик дори ишлаб чиқарувчилари йўқолиб бораётган ҳайвонларни эксплуатация қилишда айбланмоқда

Хитойнинг учта очиқ фармацевтика компанияси йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларнинг қисмларини ўз дорилари учун ингредиент сифатида ишлатган. Бу ҳақда Reuters Лондон атроф-муҳитни текшириш агентлиги ҳисоботига таяниб ёзди.

Гап Beijing Tong Ren Tang Group, Tianjin Pharmaceutical Group ва Jilin Aodong Pharmaceutical Group компаниялари ҳақида бормоқда. Фаоллар уларни леопард ва панголинларнинг тана қисмларидан анъанавий хитой табобатида дори тайёрлашда айблади.

Экологик ташкилот халқаро инвесторларни ушбу компаниялардаги улушларидан халос бўлишга чақирди. «Улар йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлардан фойдаланадиган ишлаб чиқарувчилардан имкон қадар тезроқ воз кечишлари керак», дейилади ҳисоботда.

Фаолларнинг мурожаати Хитой фармацевтика бизнесида иштирок этиб, “ҳайвонларнинг зарарли эксплуатациясини қўллаб-қувватловчи” йирик банклар ва молия институтларига қаратилган.

Хитой компаниялари вазиятга изоҳ бермади. Агентлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш гуруҳи томонидан сўралган бир қатор инвесторлар ушбу фирмаларга сармоя киритишни чеклашларини айтишди.

Фаоллар, шунингдек, Хитой ҳукуматини йўқолиб бораётган ҳайвонлар қисмларидан ички бозорда тижорат мақсадларида фойдаланишни тақиқлашга чақирди.