Jahon

Исроил Сурия аэропортига ҳужум қилди

Исроил Сурия аэропортига ҳужум қилди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқ ва Алеппо халқаро аэропортларига навбатдаги ҳаво ҳужуми уюштирди. Оқибатда икки киши жабрланган, аэропорт ёпилган, деб хабар бермоқда Суриянинг SANA ахборот агентлиги.

Кеча содир этилган ҳужумда Дамашқ аэропортининг бир ходими ҳалок бўлди, яна бири яраланди. Марҳум аэропорт метеорология бўлими ходими бўлган.

“Тахминан соат 05:25да исроиллик душман Латакиядан ва Ўрта ер денгизи ғарбида босиб олинган Суриянинг Голан шаҳридан Дамашқ ва Алеппо халқаро аэропортларига бир вақтнинг ўзида ҳужум уюштирди”, – деб ёзади агентлик.

Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳар икки аэропортнинг учиш-қўниш йўлаклари шикастланган ва ишдан чиққан. Сурия Транспорт вазирлиги Дамашқ ва Аллепо аэропортларидан барча мунтазам рейслар Латакия халқаро аэропортига ўтказилишини маълум қилди.

Кейинги ҳафтада Исроил ҳарбийлари шу икки аэрапортга бир неча ҳужум уюштирди.

Кейинги йилларда Исроил Суриянинг ҳукумат назоратидаги ҳудудларига юзлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Шунга қарамай, Исроил ҳукумати Сурия нишонларига ҳужум қилганини камдан-кам ҳолларда тан олади. Улар бундай операциялар Эрон қуроллари Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланган қуролли гуруҳлар қўлига тушиб қолмаслиги учун уюштирилмоқда.