Қарши шаҳрида Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиали барпо этилди. Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу муассасани бориб кўрди.
Жорий йил 8 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика Она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилмоқда. Шунингдек, қарорда мазкур марказнинг 14 та ҳудудий филиаллари ташкил этилиши белгиланган.
Қашқадарёдаги ушбу муассаса ҳамма талабларга жавоб берадиган дастлабки шундай марказлардан бири.
Қарийб тўрт гектарлик ҳудудда тўрт қаватли замонавий бинолар барпо этилган. Барча бўлимлар энг сўнгги русумдаги илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Юртимизда вилоятлар миқёсида ҳали бундай улкан ва замонавий тиббиёт маркази йўқ, дейиш мумкин.
Бу ерда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг маркази ва 50 қатновли репродуктив марказ ягона мажмуада жамланди. Туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга туғруқ ва туғруқдан кейинги даврларда битта марказда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Марказ ишга тушгач, бу ерда бир ярим минг нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароит ва қулайликлар билан танишди. Германия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида шифокорларнинг малакасини ошириш, марказда профилактика ва даволашнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Келгусида марказда йилига 8 минг нафардан зиёд патологик туғруқларни қабул қилиш имкони яратилади. Бу кўплаб оналар ҳаётини сақлишда муҳим.
Марказда, шунингдек, каминвазив ва лапароскопик амалиёт турлари 42 тага етказилади. Тубэктомия, кистоэктомия, миомоэктомия ва вентрофиксация амалиётлари йўлга қўйилади. Ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ҳамда кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида ташкил этилади.
Марказ 860 дан ортиқ маҳалла доялари билан мунтазам алоқада бўлади. Ягона электрон база орқали вилоятнинг барча ҳудудларидаги ҳомиладорлар ва туғиш ёшидаги аёллар қамраб олинади. Ўн еттита марказий кўп тармоқли поликлиника таркибидаги аёллар маслаҳатхонаси ва ўн саккизта туғруқ мажмуаси билан алоқа ўрнатилади.
Бу орқали марказ хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!