Jahon

Чехияда осмондан 1 миллион доллар пул ёғди

Чехияда осмондан 1 миллион доллар пул ёғди

Чехиянинг Прага яқинида жойлашган Лиса-над-Лабем шаҳрида ғайриоддий томоша пайдо бўлди. Kazma номи билан машҳур чехиялик блогер ва инфлюенсер Комил Бартошек халққа осмондан миллион доллар ёғдирди, деб хабар бермоқда BNN.

Kazma Instagramда ўтказган сўровидан сўнг вертолётдан миллион долларни том маънода ташлашга қарор қилди. Томошабинлар ва иштирокчилар нақд пулни полиэтилен пакетлар ва рюкзакларга тўлдирди. Шоуга ҳаммаси бўлиб тўрт мингга яқин иштирокчи йиғилди.

Хабар қилинишича, Kazma ўз обуначилари ўртасида танлов ўтказиб, ғолибга миллион доллар ваъда қилган. Иштирокчилар унинг ONEMANSHOW: The Movie фильмидаги кодни очишлари керак эди.

Бироқ, ҳеч ким кодни топа олмади, у қўшимча режани ўйлаб топди. Ҳар бир доллар банкнотига қидирувчиларни Donio платформасига, хайрия сайтига йўналтирувчи QR-код ёпиштирилган.

Бу – нафақат кўнгилочар тадбир, балки хайрияга чақириқ эди.

Бу воқеа катта танқид ва мунозараларга сабаб бўлди. Пул тақсимотининг қонунийлиги, шунингдек, солиқларни тўлаш билан боғлиқ оқибатлар шубҳа остига қўйилган. Банкнотларда моддий ёрдамга муҳтож одамлар ҳақидаги стикерлар ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Танқидчиларга машҳурлар ва жамоат арбоблари қўшилиб, пулни муҳимроқ нарсага сарфлаш керак эди, деган фикрни билдирди.