Jinoyat

Сурхондарёда хола ўз жиянини бўйнидан кесиб ташлади

Сурхондарёда хола ўз жиянини бўйнидан кесиб ташлади

Азал-азалдан қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат, инсонийлик ришталари узвий боғланиб келган. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Бироқ баъзан ҳаётда шундай бебаҳо фазилатларга доғ тушираётганлар ҳам учраб туради. Бир парча ер ёки мол-мулк учун бир қориндан талашиб тушган оға–ини, опа-сингилларнинг юзкўрмас бўлиб кетаётгани, ҳатто юзага келган низо охир-оқибат оғир жиноят билан якунланаётгани ҳар қандай кишининг қалбида оғриқ уйғотади. Буни қуйидаги воқеа тафсилоти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Термизлик Манзура Холматова (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи билан узоқ йиллар хорижда ишлаб топган маблағни янги уй қуриш учун ойма-ой опаси Мавжуда Холматовага жўнатиб туради.

Бундан ташқари Манзура вояга етмаган фарзандларини ҳам опасига ишониб қолдириб кетади.

Эр-хотин хориждан қайтгач, М. Холматова опасидан юборган пулини беришни сўрайди.

— Менга ҳеч қандай пулинг қолмаган, — дейди опа синглисига. — Юборган маблағинг ҳисобидан болаларингни едириб­ичирдим, кийинтирдим. Бунинг ўзи бўлгани йўқ. Шу боис сендан ҳеч қандай қарздор эмасман…

М. Холматова яхши ниятда уй-жой қуриш учун чет элда меҳнат қилганини айтиб, опасини инсофга чақирди. Бироқ опаси муросага келмайди. Устига-устак, синглисини ҳақоратлаб, уйидан ножўя сўзлар билан қувиб чиқаради.

Шу кундан бошлаб бир кўчада ёнма-ён яшайдиган опа-сингил ўртасидаги оқибатга дарз кетиб, оилавий муносабатларга чек қўйилади. Эр-хотиннинг янги уй қуриш ҳақидаги орзуси саробга айланади. Орадан анча пайт ўтгач, Мавжуда Холматованинг ўғли Шавкат қачондир қолиб кетган кетмонни олиб кетиш учун холаси Манзуранинг уйига киради. Аммо у ҳовлида ўйнаб юрган холаваччаларига ўшқира бошлайди:

— Нега, бировнинг буюмини ишлатиб, вақтида қайтармайсизлар? Ҳе, яхшиликни билмаган нонкўрлар…

Шу пайт унинг гапларини эшитиб, Манзура Холматова жанжалга аралашади. Бунга чидаб туролмай жаҳл отига минган Шавкат холасини ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади. Орадан кўп вақт ўтмай уларнинг бақир-чақирини эшитиб келган Мавжуда Холматованинг катта ўғли Аҳрор ҳам жанжалга қўшилади.

Бунга жавобан Манзура ошхонадаги пичоқни қўлига олиб, “Агар бирортанг яқинлашадиган бўлсанг, ҳаммангни ҳозир чавақлаб ташлайман”, дея дағ-даға қилади.

Холасининг важоҳатидан чўчиган ака-ука ортга чекинади. Бироқ ҳовлидан чиқаётганда Шавкат холаваччаларидан бирини тепиб юборади. Бола шу заҳотиёқ додлаганча ерга йиқилади. Бу ҳолатни кўриб чидолмаган Манзура қўлидаги пичоқни Шавкатнинг бўйнига кетма-кет санчади.

Пичоқ зарбидан бўйин йўғон томирининг узилиши оқибатида кўп қон йўқотган Шавкат шифохонада ҳаётдан кўз юмади.

Тергов даврида гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда воқеа жойидан олинган далиллар асосида машъум ҳодиса тафсилотларига янада ойдинлик киритилди. Улар асосида жаҳл отига миниб, ўз жиянининг умрига зомин бўлган Манзура Холматованинг жиноий қилмиши тўлиқ исботланди.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига қатъий амал қилишга қаратилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган. Суд ушбу қарорнинг 26-бандига мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши, Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутиб, жиноят содир этилиш сабаблари ва келиб чиққан оқибатлари, жиноятнинг хавфлилик хусусияти, жабрланувчи қонуний вакилининг даъвоси борлигига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу қонуний талабларга таянган судлов ҳайъати Манзура Холматовага нисбатан муайян муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Опа-сингил ўртасидаги пул туфайли юзага келган низо оилавий адоватга сабаб бўлиб, алал-оқибат у аянчли якун топди. Шавкат ҳаётдан бевақт кўз юмган бўлса, Манзура Холматова энди фарзандларидан йироқда, совуқ панжара ортида ўз қилмиши жабрини узоқ йиллар тортишга мажбур.

Бу ҳар бир кишини ҳаётга очиқ кўз билан қараш, қариндошлик муносабатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга ундайди.