Yangiliklar

Дониёр Ғаниев Тошкент шаҳрида автобусларни текин қилиш таклифини бермоқда

Дониёр Ғаниев Тошкент шаҳрида автобусларни текин қилиш таклифини бермоқда

Жорий йил 1 ноябрдан Тошкент шаҳридаги жамоат транспортлари учун тўловлар эгилувчан тизимга ўтаётгани ҳақидаги хабар жамоатчилик ўртасида турли фикрларни уйғотмоқда.

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров бу янгиликни ижобий баҳолаб, тўловларни, агар нақд пул кўринишида бўлса, «300 сўмга эмас, балки каррасига» қиммат қилишни таклиф қилади. Иқтисодчи бу билан «нақд пулдаги тўловлар тизимдаги ўғирликларнинг мазмун моҳиятини сақлаб қолишга имкон бериши»га ҳамда «кондуктор бириктириш амалиёти йўқ бўлиши»га ишора қилади.

Парламент Қуйи палатаси депутати Дониёр Ғаниев эса, ўзининг истилоҳи билан айтганда, «радикал» таклиф билан чиқади.

Унинг таклифига кўра, автобусларни ҳаммага бепул қилиш мумкин. Бу бюджетга қўшимча 300 млрд. сўмга тушиши мумкин. Аммо буни қоплашнинг ҳам ўз манбаси бор.

«Ҳозирги ҳисоб-китобда шаҳар ҳокимиятига йилига қўшимча 300 млрд. сўмга тушаркан. Бу пулларни шаҳар марказий қисмига кирадиган машиналарга кунлик солиқ солиш орқали қопласа бўлади», – дейди депутат.

Ғаниевнинг ҳисоб-китобларига кўра, масалан, пойтахт марказида ҳаракатланувчи автомобилларга бир кун учун 1 АҚШ доллари миқдорида солиқ солинса ва агар шаҳардаги бир кунлик 500 мингта машинадан 20 фоизи, яъни 100 минги шаҳар марказида ҳаракатланади деб олинса, кунига 100 минг АҚШ долларни ташкил қилади.

«Бу одамларда автобусдан кўпроқ фойдаланишга, машинадан камроқ фойдаланишга рағбат бўлади. «Пробка»лар камаяди, йўл ҳаракати сал тартибга келади», – деб ёзади депутат.

У, шу билан бирга, бу таклифи ишлаши учун биринчи навбатда транспорт хизмати фаолияти, ҳисоб-китоби тўлиқ очиқ ва шаффоф бўлиши лозимлигини, қўшимча самарасизлик ва ўғриликка етакламаслиги кераклигини таъкидлайди.

Операцион харажатларни қисқартириш ҳисобига ҳайдовчилар ойлигини оширишга ҳам имкон бўлишини урғулайди.