Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, Франция Президентига расмий шахслар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан арбобларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида Ўзбекистонга келгани учун миннатдорлик билдирди.
– Бу сизнинг Ўзбекистон-Франция дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга шахсий эътиборингиз ва алоҳида ёндашувингизнинг ёрқин тасдиғидир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувлар туфайли икки мамлакат муносабатлари кенг қамровли тус олгани таъкидланди.
Томонлар фаол сиёсий алоқаларни, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий идораларнинг мунтазам мулоқотини давом эттиришга келишиб олдилар.
Ҳисоб-китобларга кўра, яқин орада 1 миллиард еврога етиши кутилаётган товар айирбошлаш жадал ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.
Юртимизда Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этди.
Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди.
Томонлар Самарқанд шаҳрида Франция альянси филиали очилишини олқишладилар ҳамда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Халқаро кун тартибидаги масалалар, хавфсизликка умумий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон етакчиси Франция Президентига 2024 йилда Париж шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилади.
Давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга топшириқ бердилар.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!