Шимолий Корея, катта эҳтимол билан, Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун Россияга бир неча турдаги ракеталар, шунингдек, илгари хабар қилингандек ўқ-дорилар ва снарядлар етказиб берган. Бу ҳақда Associated Press Жанубий Корея ҳарбийлари томонидан маҳаллий журналистлар учун ўтказилган ахборот брифинги материалларига таяниб хабар бермоқда.
Ҳарбийлар Пхенянни Россияга номаълум миқдордаги қисқа масофали баллистик ракеталар, танкга қарши кўчма зенит-ракета мажмуалари, шунингдек, милтиқлар, ракеталар, миномётлар ва снарядлар юборган деган гумонда эканликларини маълум қилган.
Бир кун аввал AFP Шимолий Корея Украинада фойдаланиш учун Россияга миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини тақдим этгани, Пхенян эса Москвадан сунъий йўлдош учирилиши бўйича маслаҳатлар олгани ҳақида хабар берган эди.
Чоршанба куни Жанубий Корея парламентининг ёпиқ мажлисида Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси (NIS) расмийлари Пхенян август ойидан бери Россияга камида 10 та қурол етказиб бергани ҳақида хабар берган.
“NIS миллиондан ортиқ артиллерия ўқлари етказилганини аниқлади”, — дея таъкидлади Корея Миллий Ассамблеяси аъзоси Ю Санг Бум. «Таҳлилларга кўра, бу Россиянинг Украинадаги икки ойлик уруши учун етарли бўлади», — дея қўшимча қилди у.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича Москвадан техник маслаҳат олган кўринади. Августдаги иккинчи муваффақиятсиз уринишдан сўнг, Пхенян учинчи учиш октябр ойида бўлиб ўтишини айтган эди, бироқ бу амалга ошмади.
Россия ҳам, Шимолий Корея ҳам қурол етказилгани ҳақидаги айбловларни асоссиз деб атади.
“Бундай хабарлар кўп, уларнинг барчаси, асоссиздир. Шимолий Корея бизнинг қўшнимиз. Биз барча соҳалардаги муносабатларимизни ривожлантирмоқдамиз ва ривожлантиришда давом этамиз”,— дея таъкидлади Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Нашрнинг ёзишича, Шимолий Корея АҚШ билан давом этаётган хавфсизлик муаммолари ва пандемия туфайли юзага келган ички қийинчиликлар шароитида Россия ҳамда Хитой билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!