Аввал хабар берганимиздек, Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига малака тоифалари беришда замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш вазифаси юклатилган эди.
Мазкур топшириққа кўра, малака тоифаси беришда ҳужжат топшириш ва аттестациядан ўтказишнинг мутлақо янги шаффоф ва адолатли тизими яратилди.
Хусусан, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан биргаликда яратилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга сертификат бериш ахборот тизими — tibtoifa.ssv.uz ишга туширилди.
Шу аснода тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси бериш бўйича йиғмажилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинди.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи қоғоз шаклидаги сертификат бериш амалиётига ҳам барҳам берилиб, ҳисобга олиш серияси, тартиб рақамига эга, QR-коди қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилди.
Янги тизим асосида онлайн тартибда малака тоифаси бериш бўйича дастлабки аттестацияларни жорий йил 16 сентябрдан бошлаб ўтказиш йўлга қўйилди.
Оғзаки имтиҳонлар (суҳбат) онлайн шаклда махсус дастур орқали Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун Марказ биносида зарур қурилмалар билан жиҳозланган хоналарда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мутахассислар учун муассасанинг ҳудудлардаги ана шундай хоналарида ўтказилмоқда.
Онлайн тартибдаги оғзаки имтиҳон учун бериладиган билет саволлари “Random” (инсон омили минималлашган, компьютер технологияси ёрдамида тасодифий савол танлаш) дастури орқали танланиши йўлга қўйилди.
Билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун 15 дақиқа вақт ажратилади ва ҳар бир жавоб 10 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон якунида ушбу дастур умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб, ўша заҳоти эълон қилади.
Аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилинади.
Мазкур тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига бутунлай чек қўйилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, малака тоифаси бериш бўйича Давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!