Jahon

Йил бошидан буён дунё бўйича вабога чалинганлар сони 603 минг нафардан ошди — ЖССТ

Йил бошидан буён дунё бўйича вабога чалинганлар сони 603 минг нафардан ошди — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, жорий йил 1 январдан 15 октябрга қадар Ер юзида 603 минг нафардан зиёд кишига вабо ташхиси қўйилган.

2021 йилда бу кўрсаткич 223 минг, ўтган йили эса қарийб 473 минг нафар эканлигини ҳисобга олсак, сайёрамизда ушбу эпидемия билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бораётгани ойдинлашади.

Энг ачинарлиси, бу йил вабони юқтирган беморлардан 3 804 нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Касалликдан энг кўп Африка қитъаси аҳолиси азият чекмоқда. Хусусан, йил бошидан буён минтақанинг 16 давлатида эпидемия ўчоқлари рўйхатга олинган.

Бу борада Бурунди, Конго Демократик Республикаси, Зимбабве, Камерун, Малави, Мозамбик ва Эфиопия етакчилар сафида. Қолаверса, Сурия ва Гаитида ҳам вабога гумон қилинганлар сони ортиб боряпти.

Айни пайтда ЖССТ томонидан ушбу мамлакатларни зарур дори-дармон ва вакциналар ҳамда бошқа тиббий ресурслар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.