Jahon

Аббос: Фаластин маъмурияти Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр

Аббос: Фаластин маъмурияти Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр

Якшанба куни Ғарбий Соҳилга эълон қилинмаган ташриф билан келган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Рамаллаҳда Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказди.

Маҳмуд Аббоснинг айтишича, у бошчилигидаги Фаластин миллий маъмурияти кенг қамровли сиёсий ечимнинг бир қисми сифатида Ғазо сектори учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр.

Бундай ечим ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш тугаганидан кейин Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторини ўз ичига олиши керак, деди у.

Илгари Аббос маъмурияти Ғазо секторини ўз назоратига олиш ғоясидан узоқлашди у ерга «Исроил танклари билан киришни истамаслигини айтди».

Аббоснинг таъкидлашича, хавфсизлик ва тинчликка фақат “Фаластин давлати” ҳудудлари устидан Исроил ҳарбий назоратини тўхтатиш ва Шарқий Қуддусни унинг пойтахти сифатида тан олиш орқали эришиш мумкин.

Шарқий Қуддус мақоми бир неча ўн йиллар давомида Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш бўйича музокараларда асосий тўсиқлардан бири бўлиб келган.

Фаластинликлар шаҳарнинг учта жаҳон динларининг муқаддас қадамжолари жойлашган шарқий қисмини бўлажак Фаластин давлатининг пойтахти сифатида тан олишга интилишади, Исроил эса бутун Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб билади.

Аббос, шунингдек, мухториятни бошқарувчи Фаластин Озодлик Ташкилоти Фаластин халқининг ягона қонуний вакили эканлигини қайд этди.

Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллернинг айтишича, Блинкен Вашингтоннинг Ғазо секторида “ҳаётий инсонпарварлик ёрдами етказиш ва муҳим хизматларни тиклашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади”.

Блинкен, шунингдек, фаластинликлар “мажбурий кўчирилишига тўғри келмаслиги”ни ҳам очиқ айтди”, деди Миллер.

Блинкен ва Аббос Ғарбий Соҳилда “тинчлик ва барқарорликни тиклаш” саъй-ҳаракатларини, жумладан “фаластинликларга қарши экстремистик зўравонликни тўхтатиш ва жавобгарларни жавобгарликка тортиш зарурлигини” муҳокама қилди”, — дея қўшимча қилди у.

Миллернинг таъкидлашича, Блинкен АҚШ «ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликлар учун тенг қадр-қиммат ва хавфсизликни таъминлашга» содиқлигини яна бир бор таъкидлади.

Блинкен, шунингдек, АҚШнинг “Фаластин давлатига бўлган қонуний интилишларини рўёбга чиқариш” учун ҳаракат қилиш мажбуриятини билдирди.