O‘zbekiston

Мутахассис: Гриппга қарши вакциналарнинг самарадорлиги 90 фоизни ташкил этади

Мутахассис: Гриппга қарши вакциналарнинг самарадорлиги 90 фоизни ташкил этади

— Грипп — “оёқда ўтказиладиган” касаллик эмас! Уни оддий шамоллаш деб ўйлаб, ўзбошимчалик билан даволаниш ҳам нотўғри. Чунки бу хасталикнинг ўзидан кўра асоратлари кўпроқ хавфли.

Негаки, грипп вируси қон томирлари деворларининг касалликларга нисбатан ҳимоя қобилиятини сусайтириб юборади. Шу сабабли инфекциялар қон оқими орқали ички органларга етиб бориб, яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади.

Оқибатда у пневмония, бронхит, юқори нафас йўлларининг иккиламчи бактериал инфекциялари, асаб ва юрак-қон томир тизими касалликлари ҳамда қандли диабет каби хасталикларни келтириб чиқаради. Энг ёмони, ушбу дарддан ўз вақтида даволанмаслик ўлим ҳолатларига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилий ҳисоботи бор. Унга кўра, дунё бўйича йилига 650 минг нафарга яқин инсон мавсумий гриппдан вафот этади. Қолаверса, ушбу вирус турли сурункали касалликларнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратиши билан хавфли.

Мана, ҳозир барча ёшдаги инсонлар, айниқса болалар ва ўсмирлар орасида грипп вируси кўп учрайдиган мавсум. Кўтарилиш даври одатда ноябрь ойидан бошланиб, март ойигача давом этади.

Мутахассис сифатида бундай пайтда хасталикдан ишончли ҳимояланиш учун унга қарши эмланишни тавсия этамиз. Бу — энг самарали ва катта сарф-харажат талаб этмайдиган усул.

Қолаверса, вакцина хавфсиз ва юқори таъсирга эга бўлиб, йиллик касалланиш ва ўлим ҳолатларини етарлича камайтиради. Яъни замонавий гриппга қарши эмлаш воситаларининг самарадорлиги 90 фоизни ташкил этади.

Мавсумий гриппга қарши вакцина организмда 15 кун ичида гриппга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади.

Эмлашдан олдин шифокор томонидан, албатта, эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги текширилиб, шунга кўра вакцинация қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни, эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак.

Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик даражаси ҳам текширилади.

ЖССТ ушбу вирусга қарши, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар, кекса ёшли инсонлар (65 ёшдан катта), сурункали касалликлари бор беморлар ва тиббиёт ходимларини эмлашни тавсия этади.