20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор.
Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.
Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.
Мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришни янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.
Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинди.
Бунинг учун газлама-мато, бўяш ва тикувчилик бўйича янги қўллаб-қувватлаш механизмлари яратиб берилади:
– бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди, уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
– 2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
– тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.
Юқоричирчиқда газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ишлаб чиқариш ва бўёқхона ташкил этиш бўйича лойиҳалар бошланган. Ушбу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади.
Ҳудудлар раҳбарларига шундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисоб-китоб қилишга кўрсатма берилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!