O‘zbekiston

Ўзбекистон президенти Дубайда ўтказиладиган БМТ саммитида қатнашади

Ўзбекистон президенти Дубайда ўтказиладиган БМТ саммитида қатнашади

Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йил 1-2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси доирасидаги Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича жаҳон саммитида иштирок этади.

Дунёнинг деярли барча мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари тўпланадиган ушбу форум иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим бўйича стратегиялар ва “яшил” энергетикага ўтишни молиялаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Иқлим ўзгариши муаммоси Орол денгизининг қуриши оқибатида келиб чиққан экологик инқирозни бошидан кечираётган Марказий Осиё минтақаси учун энг ўткир муаммолардан бирига айланмоқда.

Ўзбекистонда “яшил” кун тартибидаги масалаларни илгари суришга жиддий эътибор қаратилмоқда, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ҳамда қайта тикланувчи энергетика улушини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакатимиз глобал экологик хатарларга қарши курашиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2023 йил 13-17 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида 130 дан ортиқ мамлакат делегациялари иштирокида БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтади.

Келгуси йилда Самарқандда Халқаро иқлим форуми бўлиб ўтади, унда Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси лойиҳаси муҳокама қилинади.

Дубай шаҳрида бўлажак СОР-28да Ўзбекистон миллий, минтақавий ва глобал даражада иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суради.

Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти томонидан СОР-28 раиси сифатида илгари сурилаётган муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.