Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазирининг ахбороти эшитувида депутат Дониёр Ғаниев “Док-1 Макс” масаласида вазирга юзланди.
Депутат “Док-1 Макс” туфайли вафот этган 65 нафар боладан кейин вазирлик етарли хулосани чиқардими-йўқми, масъулият нуқтаи назардан тегишли юқори мансабдорлар ҳамон сиёсий жавобгарликка тортилмаётгани, бу каби қўпол хатолик яна қайта содир бўлмаслиги учун вазирлик ваъда бера оладими ёки бундай ҳолатлар давом этаверадими, дея долзарб масалани ўртага ташлади.
Бунга жавобан соғлиқни сақлаш вазири қуйидагиларни гапирди:
–Бу воқеадан қаттиқ хулоса қилганмиз. Ўша пайтда вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида мен ҳам бу ҳақда кеч билганман ва бу менинг ҳам хатоим. Шифокорларимиз айнан шу препаратдан заҳарланиш эканлигини билишмаган.
Шуни айтиш керакки, январнинг биринчи 10 кунида 17 минг ҳамширамиз уйма-уй юриб, бу турдаги препаратларни йиғиб олди. Президентимиз топшириғи билан орган ходимлари 18 мингга яқин дорихонадан бу препаратларни йиғиштириб олди.
Бундан ташқари, ҳудудлардан 100 га яқин болалар Болалар миллий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб келиниб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Барча масъуллар қонун олдида жавоб беради, албатта. Бу каби ҳолатларга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун тизимли ишларни бошлаганмиз. Тизимдаги ходимлар билан биргаликда масъулиятни ўз бўйнимизга олиб, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун тизимли ишларни амалга оширамиз, – деди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!