Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумларидан жабрланган фаластинликларнинг адвокатлари душанба куни Голландиянинг Гаага шаҳридаги Халқаро жиноий судга (ХЖС) шикоят қилди, деб хабар бермоқда Аnadolu.
Жабрланувчиларнинг Халқаро жиноий суддаги вакили Жиль Деверс ва унга ҳамроҳлик қилган тўрт кишидан иборат делегация суд прокурорига ариза билан мурожаат қилган.
Маълумки, геноцид ва бошқа жиноятлар бўйича айбловлар Халқаро жиноий судга юборилган, хусусан, Франциянинг энг тажрибали ҳуқуқшуносларидан бири Жиль Деверс бошчилигидаги халқаро ҳуқуқшунослар гуруҳи ташаббуси билан чиққани маълум қилинганди.
Деверснинг матбуотга айтишича, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари геноцид жинояти омиллари ҳисобланади.
“ХЖС ҳозирда зарур текширув доирасида ҳарбий жиноятларни тергов қилмоқда. Бунга геноцид жиноятини ҳам қўшиш керак”, – деди у.
Шунингдек, Деверснинг қўшимча қилишича, бир миллиондан ортиқ одамни кўчиришга мажбурлаш ва уларнинг сув, энергия, озиқ-овқат ва дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини чеклаш Исроил Ғазо аҳолисининг бутунлай йўқ қилинишини хоҳлаётганини кўрсатади.
Бельгиялик собиқ сенатор Пьер Галланд ҳам матбуотга берган баёнотида Бельгия Ташқи ишлар вазирлигини Фаластин давлатини имкон қадар тезроқ тан олишга чақирди.
“Биз бу ерга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолат ўрнатиш учун келганмиз”, – деди у.
Брюсселда жойлашган “Озодлик ва қадр-қиммат учун альянс”нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўлими раҳбари Абделмаджид Мрари ХЖС Ғазо секторида содир этилган жиноятлар бўйича юрисдикцияга эга эканлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғазо секторини фаластинликлардан этник жиҳатдан тозаламоқчи, буни сиёсий ва ҳарбий қудрати кўрсатиб турибди.
Фаластин маъмуриятининг сўнгги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумининг 38-кунида камида 11180 фаластинлик ҳалок бўлган, улардан 7700 дан ортиғи аёллар ва болалар, 28 200 дан ортиғи яраланган.
Исроилнинг ўтган ойдан бери қамал остидаги анклавга ҳаводан ва қуруқликдан уюштирган қатор ҳужумларида шифохоналар, масжидлар ва черковлар каби минглаб бинолар шикастланган ёки вайрон қилинган.
Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Исроилда ҳалок бўлганлар сони 1200 кишини ташкил қилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!