Давлатимиз раҳбарининг “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, уйлар қурилиши дастлаб Зангиота туманидаги Туркистон маҳалласи ҳудудида бошланади.
Давлат раҳбари мазкур янги ипотека дастури ҳақида 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида маълум қилган ва Дастур доирасида биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилишини айтган эди.
Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади.
Қайд этилишича, Дастурнинг амалга оширилишида Туркия Республикаси давлат уй-жой бошқармаси (TOKI) билан ҳамкорлик қилинади. TOKI Туркияда кам ва ўрта даромадли оилалар учун ижтимоий уйлар қуриш бўйича катта тажрибага эга.
Бундан ташқари, Дастур доирасида, кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини самарали жойлаштириш, лойиҳалаштириш ҳамда қуриш ишларини ташкил этиш Дирекция томонидан амалга оширилади.
Кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари тендер савдолари асосида аниқланади.
Дастур доирасида қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади.
Имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!