Ilm-fan, Jahon

Танасига 52 та чип ўрнатган аёл Гиннес рекордлар китобига киритилди

Танасига 52 та чип ўрнатган аёл Гиннес рекордлар китобига киритилди

АҚШда истиқомат қилувчи аёл танасига 52 та технологик имплант ўрнатиб, рекордлар китобига кирди. У чиплар ёрдамида ҳеч қандай ҳаракатсиз компьютерни ишга тушириши, телефон қўнғироқларини амалга ошириши мумкин, деб хабар беради Кazinform.

АҚШда яшовчи 48 ёшли Анастасия Син танасига дунёнинг энг кўп технологик имплантлари ўрнатилган аёл сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. Унинг танасида 52 та имплант бор. Шунингдек, улар орасида инсон танасига ўрнатиш мумкин бўлган энг катта магнит ҳам мавжуд. Рекордчи аёл ўзини «киборг» деб ҳисоблайди. Киборг — тананинг маълум қисми электромеханикадан иборат деган маънони англатади.

Аёл танасига ўрнатилган чиплар ёрдамида компютерни ёқиши, унинг кодини очиши мумкин. Анастасиянинг бу ғояга қизиқиб қолишига қизи сабаб бўлган.

«Қизим мендан агар танасига микрочип имплант ўрнатса, худди ўйиндаги қизлар каби компьютернинг кодини оча олишини айтиб, рухсат сўради. Мен эса буни аввал ўзимда синаб кўриб хавфсизлигини аниқлашим кераклигини айтдим», – дейди у.

Аёлнинг айтишича, имплантлар унга олтинчи туйғуни берган.

«Мен ҳозир сизга микротўлқинли печингиз жуда кўп радиация чиқараётганини айтиб беришим мумкин. Бунда менинг қўлим вибрация бўлади (титрайди)», – дейди у. Шунингдек, Анастасия девор ортидаги электр симларни ҳам ҳис қила олади.

У имплантлари ёрдамида ҳатто телефон қўнғироқларини амалга ошириши мумкин.

«Чап билагимдаги қизимга, ўнг билагимдагиси эса турмуш ўртоғимга қўнғироқ қила олади», – дейди аёл.

Анастасиянинг айтишича, у танасига баъзи имплантларни ўз жойлаштирган, баъзилари учун тиббий ёрдам олган.

Лекин рекордчи аёл танага имплант ўрнатишнинг хавфлари борлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

«Агар доимий назорат талаб қиладиган бирор касаллик менда борлигини сезсам, барча имплантларни танамдан олиб ташлаган бўлардим», – дейди у.