Jahon

Исроил ҲАМАСга қарши уруш учун 6 миллиард доллар йиғди

Исроил ҲАМАСга қарши уруш учун 6 миллиард доллар йиғди

Исроил ҲАМАСга қарши уруш учун 6 миллиард доллар йиғди. Бу ҳақда Financial Times ёзмоқда.

Қайд этилишича, янги кредитлар бўйича фоиз ставкалари уруш бошланишидан олдингидан сезиларли даражада юқори – тахминан 6 фоиз, бу эса ҳарбий ҳаракатлар туфайли инвесторлар учун хавф ортиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, Исроил давлат облигациялари очиқ эмас, балки хусусий жойлаштириш орқали чиқарилган, яъни улар танланган кредиторларга сотиб олиш учун таклиф қилинган.

Бундан олдин ҲАМАС Исроил билан узоқ давом этадиган қарама-қаршиликка тайёрлигини маълум қилган.

Яқин Шарқдаги вазият 7 октабр куни Ҳамас Ал-Ақсо тўфон операциясини бошлаганини эълон қилгач, Ғазо секторидан Исроилга минглаб ҲАМАС жангарилари кириб келганидан кейин кескинлашди. Бунга жавобан Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.

Исроилнинг «Темир қиличлар» операциясининг мақсади ҳужумни қайтариш, 200 дан ортиқ гаровга олинганларни, шу жумладан чет элликларни озод қилиш ва ҲАМАСни йўқ қилиш эди.
Ушбу мақсадга эришиш доирасида Исроил операциянинг биринчи куниданоқ Ғазо секторига йирик ракета ҳужумларини амалга оширди. Айни вақтда Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши секторга сув, озиқ-овқат, товарлар, электр энергияси ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш фақат 20-октабрдан кейин Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали амалга оширила бошланди ва уларнинг ҳажми етарли эмас, деб баҳоланмоқда.