Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили Ер юзида камҳаракатликдан 5 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмади. Қолаверса, кун давомида офисда ўтириб ишлаш ва жисмоний машғулотлар билан шуғулланмаслик организмда турли касалликларнинг ривожланишига замин яратади. Улардан бири бўйин остеохондрозидир.
— Ушбу хасталик бугун дунёда энг кўп тарқалган касалликлардан бири, — дейди олий тоифали шифокор Раъно Носирова. — Остеохондроз умуртқалар, уларнинг тоғайсимон дисклари ва бойламларини дегенератив-дистрофик ўзгаришлари бўлиб, жойлашувига кўра бўйин, кўкрак ва бел-чаноқ турлари фарқланади.
Бўйин остеохондрози, асосан, 35 ёшдан ошган инсонларда кузатилади. Биламизки, бўйин умуртқа поғонасининг энг ҳаракатчан қисми. Ундан бир қанча асаб томирлари ва умуртқа артерияси ўтади. Унинг вазифаси орқа мия қон томирлари ва узунчоқ мияни қон билан таъминлашдан иборат.
Агар остеохондроз сабабли умуртқа артерияси босилса, беморда бел ва бош мия ишемияси кузатилиши эҳтимоли бор. Шу сабабли ушбу касалликка эътиборсиз бўлиш ярамайди.
Бўйин остеохондрози бор инсонда бош соҳасида кучли ва давомли оғриқ, бош айланиши, кўз хиралашиши, қўл бармоқларида санчиқлар, стенокардияга ўхшаш, аммо бир неча соат давом этадиган юрак соҳасидаги оғриқлар, эшитиш қобилиятининг пасайиши, тилнинг карахт бўлиши, ҳолсизлик, ҳансираш, артериал қон босимининг ўйнаши каби белгилар кузатилиши мумкин. Мазкур симптомлар артериянинг шикастланганидан далолат беради.
Бу касалликни уй шароитида даволаш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли ундан халос бўлиш учун шифокорга мурожаат қилиш лозим. Хасталик эрта аниқланганда беморнинг соғайиши тезроқ кечади.
Кўпгина ҳолларда остеохондрозни даволаш консерватив усуллар ёрдамида амалга оширилади. Шифокор томонидан дори-дармонлар, керакли машқлар терапияси ва бошқа усулларни ўз ичига олган даволаш турлари буюрилади.