O‘zbekiston

Қашқадарё вилоят судлари прокуратура ва суд ўртасида келишмовчилик чиқарувчи хабарларни тарқатмасликни сўради

Қашқадарё вилоят судлари прокуратура ва суд ўртасида келишмовчилик чиқарувчи хабарларни тарқатмасликни сўради

Қашқадарё вилоят судлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий веб сайтида эълон қилинган вилоятда 60 фоиздан ортиқ суд қарорлари ижроси таъминланмагани ҳақидаги хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

«2023 йилнинг 17 ноябрь куни ўтказилган Қашқадарё вилояти судларининг 2023 йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти таҳлили ҳамда соҳага оид муҳим ва долзарб масалаларга бағишланган матбуот анжуманида вилоят суди раиси А.Махкамовнинг ахбороти тингланди. Мазкур ахборотда А.Махкамов вилоят судлари қарорларининг ижро аҳволи хусусида тўхталар экан, 2023 йилнинг 9 ойи давомида суд қарорларининг жами 868.117.385.243 сўмлик 66.958та ёки 60,2 фоизи ижроси таъминланмаганлигини таъкидлаб ўтган.

Мазкур матбуот анжуманида иштирокчилар томонидан А.Махкамовга ушбу мавзуда берилган саволга А.Махкамов ўз вақтида ўзаро таққослашлар ўтказиб турилиши ва ҳар қандай айтилган рақамлар статистикадан олинганлигини қайд этиб ўтди.

ЎзА мухбири Ў.Баротовнинг хабарида таъкидлаган “Ушбу ҳолатни А.Махкамов бугунги кундаги ижро органларининг лоқайдлиги, илгариги амалиётда бундай ҳолат умуман кузатилмагани билан изоҳлади” – деган сўзлари ҳақиқатдан йироқ эканлиги билдирилади. Матбуот анжумани давомида ижро органлари шаънига путур етказадиган бу каби иборалар ишлатилмади.

Айтиш жоизки, судлар ва прокуратура органлари мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида ўзаро мувофиқ ҳолда фаолият олиб борадилар. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлардан икки давлат органи ўртасида номувофиқлик ва келишмовчилик келтириб чиқариши мумкин бўлган юқоридаги каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатмасликлари сўралади», — дейилади муносабатда.