Jahon

Финляндия Россия билан чегарадаги деярли барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпишга қарор қилди

Финляндия Россия билан чегарадаги деярли барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпишга қарор қилди

Финляндия бош вазири Петтери Орпо чоршанба куни Финляндия чегарасини кесиб ўтишга уринаётган муҳожирлар сонининг кескин ошгани сабабли мамлакат Россия билан энг шимолий чегарадаги барча ўтиш жойларини ёпишини айтди.

“Бугун ҳукумат қўшимча чегара ўтиш жойларини ёпишга қарор қилди. Фақат Ража-Жоосеппи назорат пункти очиқ қолади”, — деди Орпо.

Чегара ўтиш жойлари жума куни ярим тундан 23 февралга қадар ёпилади.

Хелсинки маълумотларига кўра, август ойи бошидан бери асосан Африка ва Яқин Шарқдан бўлган 700 га яқин бошпана изловчи Финляндияга Россия чегараси орқали кириб келган.

Европа расмийларига кўра, Россия атайлаб миграция инқирозини қўзғатмоқда, Москва бундай айбловларни рад этади.

Ўтган ҳафта Финляндия саккизта чегара ўтиш пунктларининг ярмини ёпиб қўйди, аммо бу чоралар, расмийларга кўра, муҳожирлар оқимини тўхтата олмади.

“Маълум бўлишича, Финляндия чегарасини кесиб ўтувчи шахсларнинг кириб келишида хорижий расмийлар ва бошқа шахсларнинг ҳиссаси бўлган. Вазият халқаро жиноятчилик билан ҳам боғлиқ”, — дейилади ҳукумат баёнотида.