Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 28-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлади. Сиёсатчи йил бошидан бери Марказий Осиёга учинчи марта келади, у олдинроқ апрел ойида мамлакатимизга ташриф буюрган эди. «Независимая газета» O’Салливаннинг ташрифи ва унинг эҳтимолий мақсадлари ҳақида ёзган.
Журналистларнинг фикрича, ноябрь ойидаги ташрифи чоғида махсус вакил Марказий Осиё давлатлари расмийлари билан Россия президенти Владимир Путиннинг яқинда Остонага қилган сафарини муҳокама қилади. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Токаев меҳмонни қабул қилар экан, озиқ-овқат, ўғит ва уруғларга нисбатан халқаро санкцияларни бекор қилишга чақирди. Шу билан бирга, аввалроқ республика раҳбари давлат Россия Федерациясига нисбатан иқтисодий чекловлар режимига риоя қилишини айтди.
Нашр суҳбатлашган сиёсатшуносларга кўра, О’Салливаннинг навбатдаги ташрифи Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва Қозоғистон санкцияларга риоя қиляптими ёки йўқлигини текшириш истаги билан боғлиқ.
“Минтақа мамлакатлари ҳукуматлари Европа расмийларини барча санкция талаблари бажарилаётганига ишонтирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Марказий банки америкаликлар ва европаликлар билан молиявий операцияларни назорат қилиш масаласида фаол иш олиб бормоқда. Лекин улар (Ғарб давлатлари вакиллари – Таҳр.) келгани боис, бу санкцияларни Марказий Осиё давлатлари бизнеси томонидан амалда қўллашда муаммолар борлигини англатади”, — дея “Независимая газета” Man’o маркази директори Бахтиёр Эргашевдан иқтибос келтиради.
Унинг тушунтиришича, Украинадаги қуролли можаро Марказий Осиёдаги иқтисодий вазиятга таъсир қилган. Минтақа давлатлари Хитой ва Европа ўртасидаги юк оқимининг қисқариши туфайли пул йўқотишди. Бундай шароитда маҳаллий корхоналар йўқотишларни қоплашнинг муқобил усулларини изламоқда.
Россия ТИВ қошидаги МГИМО халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Александр Князев нашрга берган интервюсида Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё иқтисодиётида жиддий ўринга эга эмаслигини айтди. Газетанинг суҳбатдоши О’Салливаннинг ташрифларини доимий эслатма ва таҳдидлар сиёсати деб таърифлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!