Фаластин “Ислом қаршилик ҳаракати”нинг (ҲАМАС) “Иззеддин ал-Қассам бригадалари” Исроил билан вақтинчалик сулҳнинг учинчи куни асирга олинган Исроил фуқароларининг учинчи гуруҳини Қизил Хоч ташкилотига топширди. Бу ҳақда гуруҳ томонидан якшанба куни чоп этилган баёнотда айтилган.
“Гуманитар сулҳ ва алмашинувнинг учинчи босқичи доирасида биз 13 нафар исроиллик, 3 нафар таиландлик ва 1 нафар россиялик маҳбусни Қизил Хочга топширдик”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) томонидан берилган баёнотда, Қизил Хочга топширилганлар орасида асирга олинган 14 нафар Исроил ва 3 нафар хорижлик ҳам борлиги билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи 7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилиб, кўплаб одамларни мусиқа фестивалидан мажбуран олиб кетган эди. Ҳибсга олинганлар орасида Хитой ва Таиланд фуқаролари борлиги хабар қилинган. Исроилга кўра, ҲАМАС ўша куни Ғазо секторида 203 кишини гаровга олган.
22 ноябрь куни Исроил ва ҲАМАС асирларни озод қилишга ва урушни вақтинча тўхтатишга келишиб олганини хабар берган эдик.
Ушбу сулҳ 24 ноябрь куни кучга киргани маълум қилинди. Келишувга кўра, ўт очишни тўхтатиш тўрт кун давом этади.
Маҳбусларнинг биринчи партияси 24 ноябрь куни озодликка чиқарила бошланди. Улар Таиланднинг 12 фуқароси экани айтилган.
Кейинроқ ҲАМАС яна 13 нафар исроилликни озод қилди. Бунга жавобан Исроил 39 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Яна 4 нафар Таиланд фуқароси ҳам озод қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!