Yangiliklar

«Газпром» Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтириш учун янги йўналишларни қидирмоқда

«Газпром» Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтириш учун янги йўналишларни қидирмоқда

Россиянинг “Газпром” компанияси Ўзбекистонга хомашё етказиб беришни кўпайтириш учун янги йўналишларни кўриб чиқмоқда. Ёқилғини, жумладан, Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Урал газ қувури орқали ташиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Газ етказиб бериш истиқболларини Россия концерни раҳбари Алексей Миллер ва Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр муҳокама қилди, деб хабар беради “ТАСС”.

«Газпром» 2025 йилдан кечиктирмай Ўзбекистонга ёқилғи етказиб бериш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, компания газ транзитини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали учинчи давлатларга ҳам истисно қилмайди.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон 2024 йил ўрталарида газ саноати соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича шартнома тузиши мумкин. Уч томонлама шартнома 15 йилга имзоланади.

«Газпром» 7 октабрь куни Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ транзитини бошлади. Етказиб беришни йўлга қўйиш маросимида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Владимир Путин, Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

2023 йил охиригача Ўзбекистон Россиядан камида 800 миллион куб метр газ олиши керак. Йиллик етказиб бериш ҳажми 2,8 миллиард куб метрни ташкил қилади.

Бухоро-Урал газ қувури 1966 йилда ишга туширилган. Унинг узунлиги 4,5 минг км дан ортиқ бўлиб, йилига 8 миллиард кубометр газ ўтказиш қувватига эга.