АОКАда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мактаб ўқитувчиларининг малака оширишга бўлган эҳтиёжларини диагностикадан ўтказиш жараёнлари тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2024 йил январь ойидан бошлаб мактаб ўқитувчиларининг малакасини табақалаштирилган ҳолда ошириш тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизимни амалга оширишни сифатли ташкил этиш ва муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг 4 декабридан 15 декабрига қадар “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали мактаб ўқитувчилари диагностикадан ўтказилади.
Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур жараёнларда республикадаги барча умумтаълим мактаблари қамраб олинади.
Дастлаб жорий йилнинг 1 декабрига қадар мактаб ўқитувчилари “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказилди. Ўқитувчиларнинг диагностика тестини топширишлари бўйича видеойўриқнома тайёрланиб, барча умумтаълим мактабларига етказилди ҳамда мактаб ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳоловчи тестлар базаси шакллантирилди.
Тестлар тегишли фан ва уни ўқитиш методикасига доир саволлардан шакллантирилади. Мактаб ўқитувчилари диагностика тестларини ўзлари дарс берадиган асосий фан бўйича топширади. Тест синови жараёнида узрли сабабларга кўра, иштирок эта олмаган мактаб ўқитувчилари вазирлик рухсати билан алоҳида график асосида диагностикадан ўтказилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан ўқитувчиларнинг диагностика жараёнларида ўз иш жойидан онлайн иштирок этиши таъминланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, диагностика натижаларининг таҳлили асосида ўқитувчилар касбий эҳтиёжларига кўра тегишли гуруҳларга ажратилади ва 2024 йилда мактаб ўқитувчилари ва раҳбарларининг малакасини ошириш режаси тасдиқланади ҳамда касбий ривожлантиришнинг табақалашган ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!