Jahon

Дунёнинг энг йирик банклари иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун бирлашмоқда

Дунёнинг энг йирик банклари иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун бирлашмоқда

Дубайдаги COP28 саммитида дунёнинг ўнлаб етакчи кредиторлари, жумладан Жаҳон банки қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Унда улар иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтиришга ваъда беришган. Нашрнинг ёзишича, банклар сайёрани қутқариш учун “имкониятлар ойнаси” тез қисқариб бораётганини тан олишган. Шу билан бирга, баёнотда қазиб олинадиган ёқилғи лойиҳаларини молиялаштиришдан воз кечиш масаласи тилга олинмайди.

Ўтган йили гуруҳ иқлим билан боғлиқ лойиҳаларга рекорд даражадаги 61 миллиард доллар ажратди. Бироқ, бу етарли бўлмади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш CОП28 анжуманида қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш сайёрани қутқаришнинг ягона йўли эканлигини айтди.

Бундан ташқари, банклар лойиҳаларнинг иқлимга таъсирини кузатиш бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқишга ва ушбу соҳадаги инвестиция имкониятларини аниқлаш учун таҳлилларни кенгайтиришга ваъда беришди.

Молиявий институтлар, шунингдек, мамлакатларни иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича чора-тадбирлар, жумладан, хавфларни суғурталаш ва чидамлиликни ошириш учун маблағни кўпайтириш ниятида.