O‘zbekiston

«Бахти Ташкентский» дастлаб 15 сутка қамоққа олингани маълум бўлди

«Бахти Ташкентский» дастлаб 15 сутка қамоққа олингани маълум бўлди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 3 декабрь куни «Бахти Ташкентский»нинг қамоққа олинганини расман эълон қилди. Аммо бунгача бўлган вақтда Бахтиёр Қудратуллаев Яккасарой туман судининг қарори билан МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаларда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.

Суд қарори 29 ноябрь куни қабул қилинган. Қарордан тушуниш мумкинки, Б.Қудратуллаев 28 ноябрь куни тунда туманнинг Кохинур кўчасидаги яшаш уйи атрофида ИИО ходимларига бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузган. У ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Тошкент ИИББ Б.Қудратуллаевни ЖКнинг 165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик, 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш каби жиноятларни амалга оширганликда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилди.

У билан бирга Дилшод Шарипов, Анвар Мирзахонов каби шахслар ҳам 165-моддада кўрсатилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ушланган.