Солиқ органлари томонидан солиқ базасини кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлардан бири такси ва йўловчи ташиш бозорини тартибга солишдир. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Yadex Go хизмати Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштириб, солиқ резидентига айланди. Шу билан бирга, мазкур сервис Солиқ ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши натижасида ҳар бир ташиш хизмати учун фискал чек шакллантириш имконияти яратилди.
Ўтган кунлар давомида (1 – 6-декабр) 13,5 млрд сўмлик 800 483 та чек шакллантирилди.
Ўз навбатида, мазкур соҳада бир қатор ечимини топиши лозим бўлган масалалар сақланиб қолмоқда:
– биринчидан, такси хизмати (Яндех Го ва бошқалар) учун нақд пул орқали тўлов қилинганда чек берилиши йўлга қўйилмаган.
Бу борада амалиётга татбиқ этиш учун бир нечта ечимлар ишлаб чиқилди ва бозор иштирокчиларига таклиф қилинди, яқин кунларда нақд пул орқали тўлов қилинганида ҳам чек берилиши таъминланади;
– иккинчидан, қолган агрегаторларда, хусусан – MyTaxi, Uklon ва бошқаларда фискал чек бугунги кунгача шакллантирилмаяпти.
Ушбу агрегаторлар билан техник интеграциялаш ишлари якунланган ва яқин кунларда йўловчилар ушбу хизматлардан фойдаланганда фискал чекларни олишни бошлаши кутилмоқда.
Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида агрегаторлар ва такси хизматларини фискаллаштириш кўзда тутилган;
– учинчидан, бугунги кунга қадар шакллантирилган 13,5 млрд сўмлик 800 483 та чекларнинг 13,4 млрд сўмлик 791 100 таси 232 та юридик шахслар (Yndex Go ҳамкорлари ва такси компаниялари), 163,9 млн сўмлик 9 383 таси эса 1 821 нафар ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Бунда, ташиш хизмати ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилган бўлсада, ташишнинг барча суммаси таксопарк (ҳамкор) айланмасида акс этиш ҳолатлари Солиқ қўмитаси томонидан кузатилмоқда.
Мазкур йўналишда таксопарклар ва ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар ўртасида солиқ тўловчининг шахсий кабинетида комиссионер ва комитентни тўғри белгилаш бўйича тушунтириш ишлари агрегаторлар билан биргаликда олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу соҳада ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур функцияни Солиқ мобил иловасига қўшиш орқали соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун: юридик шахслар ўзларининг шахсий кабинетида фискал чекларни таҳрирлаш механизмидан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, Солиқ кодексининг 369-моддаси 9-бандига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар барча турдаги солиқлардан озод қилинган.
Такси фаолиятидан расмий даромад шакллантириш имкониятининг пайдо бўлганлиги ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида бир қатор афзалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, даромад тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик уларга бошқа иқтисодий ҳаракатларда (ипотека, истеъмол кредитлари, товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳоказо) имкониятларини кенгайтиради. Бу ўз навбатида аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошишига хизмат қилади.
Солиқ қўмитаси такси хизматини кўрсатишда агрегаторлар ва уларнинг ҳамкорлари бизнес жараёнларини мониторинг қилиб бормоқда ва аниқ ечимларни таклиф этади.
Шу билан бирга йўловчи ташиш бозорида, турли баҳолашларга асосан 500 мингдан 1 млн нафаргача фуқаро тўлиқ ёки қисман бандлигини, шунингдек, таксиларнинг кундалик логистика ва ҳаракатланишдаги аҳамияти катта эканини ҳисобга олиб, мазкур соҳадаги муносабатларни автоматлаштириш ва фискаллаштириш жараёнини босқичма-босқич ва эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Бунда, солиқ қонунчилигига риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши устидан назорат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига солиқларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш солиқ органларининг асосий вазифалари бўлиб қолади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!