Jahon

Трампнинг рейтинги илк бор амалдаги президент Байденникидан баланд бўлди — WSJ

Трампнинг рейтинги илк бор амалдаги президент Байденникидан баланд бўлди — WSJ

The Wаll Street Journal нашри томонидан ўтказилган сўровнома иштирокчиларининг 47 фоизи президентлик сайловида Доналд Трампга овоз беришга тайёр, 43 фоизи эса амалдаги президент Жо Байденни қўллаб-қувватлайди. Бўлажак президентлик сайловига бошқа номзодлар ҳам қўшилса, бу фарқ янада кенгаяди — 37 фоизга нисбатан 31 фоиз.

Бошқа потенциал номзодлардан энг машҳури, собиқ демократ кичик Роберт Кеннеди эса мазкур сўровномада 8 фоиз овоз тўплаган.

Сўровномада қатнашганларнинг 23 фоизи амалдаги президент сиёсати ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлганини айтган. Шу билан бирга, 53 фоизи иштирокчи Байденнинг сиёсати ҳаётига салбий таъсир кўрсатган деб ҳисоблайди. Трамп учун бу кўрсаткичлар мос равишда 49 фоизга 37 фоизни ташкил қилган.

Трамп Байден билан илк марта The Wаll Street Journal нашрининг сайловолди сўровномасида тўқнаш келди. Ушбу сўровнома 29 ноябрдан 4 декабргача бўлган вақт оралиғида онлайн ва оффлайн кўринишда ўтказилди. Унда 1500 киши иштирок этди.

Маълумот учун, АҚШда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтади.