Ўзбекистонга совуқ ҳаво массаси тўлиқ кириб келди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” бўлим бошлиғи Ҳумоюн Мағрипов маълум қилди.
Мутахассиснинг айтишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳаво жуда совиб кетаркан, деган гаплар нотўғри.
“Чунки шимолий ва жанубий ҳудудлар орасида катта тафовутлар мавжуд. Ҳарорат -20 даражага тушиб кетаркан, деган гаплар фақатгина Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари, яъни Қорақалпоғистон, Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида кузатилиши мумкин.
Совуқ ҳаво массаси Ўзбекистонга деярли тўлиқ кириб келиб бўлган”, — деди мутахассис.
Ҳумоюн Мағриповнинг таъкидлашича, айни пайтдаги совуқ ҳарорат аномал даражада эмас.
– Аномал совуқнинг ўз таърифи бор. Бу ўртача кунлик ҳароратдан 7 даража паст ҳарорат кузатилса ва бу ҳолат кетма-кет 5 кун давом этса, аномал совуқ деб аталади. Ҳозир эса ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Бу аномал совуқ эмас, оддий қиш фасли, — дейди у.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!