Jahon

Туркия фаластинликларга ёрдам жўнатишга тайёр, аммо уни етказиб бериш жуда қийин

Туркия фаластинликларга ёрдам жўнатишга тайёр, аммо уни етказиб бериш жуда қийин

Туркия Ғазо секторидаги можародан жабр кўрган фаластинликларга гуманитар ёрдам жўнатишга тайёр, аммо ҳозирги шароитда уни етказиш жуда қийин, деди Туркия Мудофаа вазирлиги.

“Минтақада вазият жуда оғир. Ҳозирги шароитда у ерга ёрдам етказиш жуда қийин”, — деди журналистларга Туркия Мудофаа вазирлиги вакили.

Унинг қўшимча қилишича, агар президент тегишли кўрсатма берса, Туркия қуролли кучлари ёрдам беришга тайёр.

Шанба куни Ғазо секторидан Ҳамаснинг Исроилга қилган ҳужумидан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия минтақага гуманитар ёрдам етказиш учун тайёргарлик кўраётганини айтди ва бу қандай ёрдам эканига аниқлик киритмади.

Эрдўғон бошқа етакчилар билан ҳам мумкин бўлган ёрдам бўйича музокаралар ўтказди, бироқ Туркия уни етказиб бериш бўйича ҳеч қандай расмий жадвални эълон қилмади.

Бундай вазифалар одатда Туркиянинг табиий офатларни бошқариш агентлиги АФАД томонидан амалга оширилади, керак бўлганда ҳарбий самолётлар ва кемалар ёрдам беради.

Reuters агентлигининг Миср хавфсизлик идораларидаги манбаларига таяниб қайд этишича, Миср, АҚШ, Қатар ва Туркия ўртасидаги музокараларда географик жиҳатдан чекланган сулҳ доирасида Рафаҳ назорат пункти орқали гуманитар ёрдам етказиш ғояси муҳокама қилинган.

Миср пайшанба куни Синай ярим ороли шимолидаги ал-Ариш аэропортига қамалдаги Ғазо сектори учун халқаро ёрдам жўнатаётганини маълум қилди.