Jahon

Украиналиклар учун Россияга киришнинг махсус тартиби жорий этилди

Украиналиклар учун Россияга киришнинг махсус тартиби жорий этилди

Бу бошқа мамлакатлар ҳудудидан келган Украина фуқароларига тегишли – улар Россияга фақат Псков вилоятидаги Латвия билан чегарадош Лудонка автомобил назорат пункти ва Шереметьево аэропортидаги назорат пункти орқали киришлари мумкин.

Россия расмийлари киришнинг махсус тартибини «ҳозирги шароитда» Россия аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган вақтинчалик чора деб атади.

Қоида 14 ёшгача бўлган украиналикларга тааллуқли эмас. Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда яшовчи Украина фуқаролари ҳам Россия-Украина чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали Россияга киришлари мумкин бўлади.

Айни пайтда, Латвия ҳукумати украиналиклар Россия Федерациясига бориши мумкин бўлган ягона қуруқликдаги назорат-ўтказиш пункти – Вентули назорат-ўтказиш пунктини ёпишни режалаштирмоқда. Ички ишлар вазирлигининг тегишли таклифи ҳукумат томонидан маъқулланди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини ҳеч қандай ҳолатда Россияга бормасликка чақиради.