Jahon

Нима учун АҚШ Украина ва Исроилга ёрдамни бир пакетга бирлаштиришга қарор қилди?

Нима учун АҚШ Украина ва Исроилга ёрдамни бир пакетга бирлаштиришга қарор қилди?

Оқ уй АҚШ Конгрессидан Украина ва Исроилга 105 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамнинг бир пакетини ажратишни расман сўрашидан олдин ҳам, Америка ОАВлари бундай қарор қабул қилиш эҳтимоли ҳақида хабар берган эди.

Манбаларнинг NBC ва Washington Post нашрларига ёзишича, президент Жо Байден маъмурияти бундай қарор АҚШ Конгрессидаги республикачиларнинг қаршиликларига қарамай, Киевга ёрдам ҳажмини оширишни кафолатлайди, деб ҳисоблайди.

30 сентябрь куни Қўшма Штатлар Украина учун молиявий ёрдамсиз, ноябрь ойи ўрталаригача ҳисобланган вақтинчалик бюджетни тасдиқлади. Сенатни назорат қилувчи демократлар Киевга 6 миллиард долларлик ёрдамни бюджетга киритишни таклиф қилишди, бироқ бу Вакиллар палатасида (улар кўпчиликни ташкил этган) айрим республикачиларга маъқул келмади.

Шу билан бирга, Оқ уйнинг фикрича, Киевни қўллаб-қувватлашнинг кучайиши Исроилга ёрдам беришга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки мамлакатлар турли хил қуроллардан фойдаланади.

Оқ уй матбуот котиби Жон Кирбига кўра, Исроилга ҳам, Украинага ҳам ёрдам бирдек муҳим.

«Биз етарлича катта, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва иккаласини ҳам қўллаб-қувватлай оладиган даражада динамик мамлакатмиз», – деди НБC унинг сўзларидан.

Ҳозирча Қўшма Штатлар Украинага ёрдам кўрсатишни молиялаштириши мумкин, чунки Пентагонда ҳанузгача тахминан 5,4 миллиард доллар бор, бу АҚШ томонидан тақдим этилган ёрдам нархини қайта баҳолаш туфайли унинг захираларида пайдо бўлган.

Бироқ, бу захиралар тугаяпти ва Конгресс қарори йўқлиги Украинанинг қарши ҳужуми жараёнига таъсир қилиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда экспертлар.

Америка оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, янги пакет 17 ноябргача, АҚШ ҳукуматини ёпилмаслиги учун тасдиқланган фавқулодда молиялаштириш тугагунга қадар овозга қўйилиши керак.