Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида йўловчи йигитлар 14 млн сўм учун ҳайдовчини бўғиб ўлдирди. Бу ҳақда «UzNews» хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат 13 октябрь куни соат 23:00 ларда содир бўлган. Фуқаролар 1991 йилда туғилган А.Н., 2003 йилда туғилган Д.Ш. ва 11-синф ўқувчиси Д.Х. ўзаро жиноий тил бириктириб, Сирдарё-Тошкент йўналишида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 1996 йилда туғилган А.Э. билан уларни Бўстонлиқ тумани ҳудудига олиб бориб келишга кўндирган.
Улар А.Э.нинг «Lacetti» автомашинасига ўтириб, почта сифатида олинган 14 миллон сўм пули борлигини билган. Шундан сўнг А.Э.ни алдов йўли билан Қуйи Чирчиқ тумани Толовул маҳалласи ҳудудига олиб борган ва пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, уни бўйин қисмидан бўғиб, қасддан ўлдирган.
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан А.Н. ва бошқаларга Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и,п» бандлари ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, улар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!