Футбол бўйича миллий терма жамоалар ўртасидаги Осиё кубоги — 2023 мусобақаси мезбони сифатида Қатар эълон қилинди. Маълумки ушбу мусобақа Хитойда бўлиб ўтиши кўзда тутилган эди. Аммо, коронавирус пандемияси туфайли Хитой расмийлари ушбу мусобақани ўзларида қабул қилишни рад этишди.
Таʼкидлаш жоизки, Австралия, Индонезия, Жанубий Корея ва Қатар Осиё кубогини ўз майдонларида ўтказиш таклифини берган эди.
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Қатар мусоқабанинг мезбони сифатида тасдиқланди. Ҳозирча мусобақанинг айнан қайси саналарда ўтказилишига аниқлик киритилмаган.
Сабаби мусобақа 2023 йилнинг 16 июндан 16 июлига қадар давом этиши белгиланган эди. Эндиликда ушбу саналарда мусобақани ташкил этиш имконияти мавжуд эмас. Бу пайтда Қатарда об-ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари жуда юқори нуқтада қайд этилади.
Бундан ташқари Қатар жорий йилнинг ноябь ва декабр ойларида футбол бўйича энг нуфузли турнир ҳисобланмиш – Жаҳон чемпионатини ҳам ўзида қабул қилади. Шу сабаб Осиё кубоги – 2023 мусобақасининг ўтказил вақти ва муддатлари турли “бошоғриқлар”ни келтириб чиқариши мумкин.
“ОФК ва Осиё футбол оиласи номидан Қатар футбол ассотсиатсиясини яқинлашиб келаётган ОФК Осиё Кубоги мусобақасига мезбонлик қилиш ҳуқуқи берилгани билан табриклайман”, — деди ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу мусобақада иштирок этади. Ҳамюртларимиз қитъанинг энг нуфузли турнирига айнан қатарликлар мезбонлик қилган даврда ўзларининг энг юқори натижаси (2011 йилги Осиё кубогида Ўзбекистон 4-ўринни эгаллаган эди)ни қўлга киритишган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!