O‘zbekiston

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирди

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирди

7 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқотининг учинчи сессиясини ўтказди. Тадбир якунида томонлар қўшма баёнот билан чиқишди.

Делегациялар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги шерикликни муҳокама қилди. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги борасида ўзининг қатъий позициясини билдирди.

Вашингтон ҳам Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Томонлар минтақавий кун тартибини, жумладан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва C5+1 форматида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Иштирокчилар савдо ва сармояни оширишни давом эттириш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни илгари суриш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва иқлим инқирозига қарши биргаликда курашишга қарор қилдилар.

Делегациялар мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, чегара ва божхона органлари ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик бўйича навбатдаги мулоқот 2024 йилда Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган.