АҚШда иккита асосий сиёсий партия мавжуд: демократик ва республикачилар партияси. Уларнинг тарихи, мафкуралари, электорати ва ҳар-хил масалалар бўйича позициялари ҳам турличадир.
АҚШ Демократик партияси 1828 йилда Қўшма Штатларнинг еттинчи Президенти Эндрю Жексон томонидан ташкил этилган. Унинг норасмий рамзи эшак, ранги – кўк. Демократлар ижтимоий, иқтисодий, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва инсон ҳуқуқлари каби соҳаларда давлатнинг фаолроқ ролини қўллаб-қувватлаб, ижтимоий-либерал ва прогрессив позицияларда туришади.
Шунингдек улар, бепул тиббий ёрдам, ўта кўп фойда олувчилар учун қўшимча солиқлар жорий этиш, бюджет харажатларини кўпайтириш ва ўлим жазосидан фойдаланишга мораторий қўйиш, қурол муомаласини чеклаш тарафдорларидир. Демократлар аҳолининг камбағал қатламини, ирқий ва жинсий озчиликларни, аёллар ташкилотлари ва феминистларни қўллаб-қувватлайди.
Демократик партиядан сайланган таниқли президентлар: Франклин Рузвельт, Жон Кеннеди, Билл Клинтон, Барака Обама ва бошқалар.
Республикачилар партияси 1854 йилда «Виглар партияси» аъзолари томонидан ташкил этилган. Аслида, Республикачилар партиясининг асосини ташкил қилувчи Виглар партияси ҳам Эндрю Жексоннинг демократларига қарши позицияда 1832 йилда ташкил этилган эди. Республикачиларнинг норасмий рамзи фил, ранги – қизил. Республикачилар иқтисодий либерал ва ижтимоий консерватив позицияларда туришади. Улар эркин бозорни қўллаб-қувватлайдилар, ҳукуматнинг иқтисодиёт ва фуқароларнинг шахсий ҳаётига камроқ аралашувини, мудофаа харажатларини кўпайтириш, қурол муомаласидаги эркинлик, ўлим жазосини сақлаш каби позицияларни илгари суришади.
Республикачилар, шунингдек, бойлар учун солиқ юкини камайтиришни, давлат қарзларини озайтиришни ва мажбурий тиббий суғурта тизимини қўллаб-қувватлайдилар. Республикачиларни асосан ўрта синф, бойлар, қишлоқлар аҳолиси, жамиятнинг диний қисми (мормонлар, насронийлар, яҳудийлар), аборт ва феминизмга қарши бўлганлар қўллаб-қувватлайди.
Машҳур Республикачи президентлар: Авраам Линколн, Теодор Рузвелт, Роналд Рейган, Катта ва кичик Жорж Бушлар, Доналд Трамп ва бошқалар.
Шундай қилиб, демократлар ва республикачиларни иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, инсон ҳуқуқлари, солиққа тортиш, мудофаа ва жамиятдаги бошқа мавзулар бўйича қарашларида сезиларли фарқлар бор. Улар, шунингдек, аҳолининг турли гуруҳларининг турли манфаат ва қадриятларини ифодалашади.
Бироқ, иккала томон ҳам ўз йўли билан америкаликларнинг ҳаётини яхшилашга ва АҚШнинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга интилади. Охир оқибат, улар орасидаги танлов ҳар бир сайловчининг шахсий қарашларига боғлиқдир.
🧠@nurbekalimov
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!