Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.
Ҳужжат билан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
- экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
- қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.
Шунингдек, экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури амалга оширилади.
Дастурга киритилган экспортчи корхоналар:
экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширганда ноль даражали ҚҚС ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми уларнинг мурожаатига асосан тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтариб берилиши;
айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишида тижорат банкларига экспорт шартномаларини гаров таъминоти сифатида қабул қилиш тавсия этилиши;
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда $1 миллиондан $5 миллионгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилиши;
битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга $30 мингдан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилиши;
бизнес жараёнлар, экспорт ҳажмини ошириш ва маркетинг тадқиқотларини амалга ошириши учун хорижий маслаҳатчилар жалб қилиниши белгилаб қўйилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!