Jahon

Шавкат Мирзиёев Дубайда қатор дунё етакчилари билан учрашди. Улар кимлар?

Шавкат Мирзиёев Дубайда қатор дунё етакчилари билан учрашди. Улар кимлар?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Малайзия Подшоҳи Султон Абдуллоҳ Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ Шоҳ билан учрашди.

Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги муносабатларни, энг аввало, иқтисодий соҳада янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари ҳамда зиёрат туризми соҳасида дастурлар амалга оширилмоқда.

Шериклик кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш мақсадида келгуси йилда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни БААга амалий ташриф доирасида Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Индонезия Президенти Жоко Видодо ва Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.

Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда ўтган учрашув келишувларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро савдодаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Чорвачилик, озиқ-овқат, чарм, аграр, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд.

Автомобиль ва ҳаво коммуникациялари, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда шартнома-ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Келгуси йилда қўшма Ҳукуматлараро қўмита ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишларини ўтказишга келишилди.

Дубай шаҳридаги БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Индонезия Президенти Жоко Видодо билан учрашди.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Барча даражалардаги ўзаро мулоқотларнинг бугунги ҳолати ва икки томонлама савдодаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.

Самарали ҳамкорликни, шу жумладан савдо-иқтисодий соҳада кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чораларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.