Jahon, Yangiliklar

Тезкор: Ғарбий Европа Украина атрофида Россияга қарши бирлашмоқда(ми?) — Штайнмайер Киевда

Тезкор: Ғарбий Европа Украина атрофида Россияга қарши бирлашмоқда(ми?) — Штайнмайер Киевда

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер кутилмаганда Украинага ташриф буюрди. У эрталаб поездда мамлакат пойтахтига етиб келди. Штайнмайер кун давомида Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашиши кутилмоқда. У Россия ҳужумлари натижасида юзага келган вайронагарчиликни ўз кўзи билан кўришни истайди. Федерал Президент 24 февраль куни, яъни уруш бошланганидан бери биринчи марта Украинага ташрифни амалга оширмоқда.

Айтиш керакки, бу Штайнмайернинг Украинага боришга учинчи уринишидир. Хавфсизлик сабабли ўтган ҳафтадаги ташриф кечиктирилганди. Шундан сўнг, унинг ҳимояси учун масъул бўлган Федерал Жиноий Полиция идораси (BKA) «ҳозирги хавфли вазиятни ҳисобга олган ҳолда, федерал президент Штайнмайернинг Украинага режалаштирилган сафарини кейинга қолдиришни тавсия қилди», деб ёзган эди.

Бундан бир неча кун олдин Россия Украина инфратузилмасига ракета ва учувчисиз қурилмалар билан бир неча бор ҳужум қилиб, электр ҳамда иссиқлик таъминотига жиддий зарар етказган эди. Пойтахт Киев ҳам ҳужумга учраган.

Эслатиб ўтамиз, Германия ҳукумати 2023 йилда Украина мудофаасини кучайтириш мақсадида таклиф билан чиқмоқчи. Федерал Республика бунинг учун ажратиладиган бюжет миқдорини 697 миллион евродан 2 миллиардга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Украина Бош вазири Денис Шмигаль Германия молия вазири Кристиан Линднер билан учрашуви якунларидан келиб чиқиб телеграм месенжерида маълум қилган эди.