Ангор туманида хизмат автотранспорт воситасини 15,5 млн. сўмга сотиб юборган собиқ раҳбар аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, Департаментнинг Ангор тумани бўлими томонидан туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг мурожаати ўрганилди. Ўтказилган терговга қадар текширувда марказнинг собиқ директори А.Ю. ушбу марказнинг “Lacetti-2” русумли автотранспорт воситасини пуллаган. Бунинг учун у 13.12.2021 йилда аукцион савдоси орқали сотиш мазмунидаги йиғилиш баённомасини тайёрлаган. Аслида 98,2 млн. сўмлик автомобил “С.С.” МЧЖ томонидан ўтказилган аукцион савдоси орқали сотилган. Уни фуқаро Ж.Й.га 15,5 млн. сўмга сотилгани тўғрисида ҳужжатларни расмийлаштириб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги фош бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!