Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши эканини таъкидлади.
У Европа Иттифоқининг терроризм, радикализм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва бошқа умумий хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича қўшма дастурлар доирасидаги амалий кўмагини юқори баҳолади.
Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, ахборот алмашиш ва замонавий таҳдидларга биргаликда қарши курашиш учун махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Томонларнинг Афғонистон масаласидаги хавотир ва ташвишлари ўхшашлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мунтазам равишда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва озиқ-овқат етказиб беришни давом эттирмоқда, мамлакат орқали Афғонистонга юклар транзити тўхтамаяпти.
Чегарада жойлашган Термиз шаҳримиздаги логистика ва таълим хабларининг салоҳиятидан фойдаланишда европалик шериклар билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Президент глобал ва минтақавий вазият тубдан ўзгарганини қайд этиб, бу ҳолат бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграциялашув жараёнининг европалик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишини талаб қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шу муносабат билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси бажарилишини жадаллаштириш ва шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Ушбу барча масалалар келгуси ойда Самарқандда бўлиб ўтадиган вазирларнинг Ўзаро боғлиқлик бўйича қўшма анжумани давомида батафсил кўриб чиқилишига ишонч билдирилди.
Президент сўзининг якунида Ўзбекистон мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, равнақи ва фаровонлиги йўлида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқотнинг тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!