Рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.
Бу ҳақида “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қароридўа белгиланди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб тасдиқланган рўйхатда белгиланган дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари ишлаб чиқариш шароитлари «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP» талабларига мувофиқлиги ўрганилганидан сўнг клиник тадқиқотлар ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бунда алоҳида дори воситаларини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади. Қуйидагилар бекор қилинади:
– рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш. Бунда дори воситалари рецепт бўйича ва рецептсиз берилиши улар тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади;
– дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш;
– Ўзбекистондан ташқарида амалга оширилган дори воситалари рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олишда стандарт намуналарини талаб этиш.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат шифохоналарида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш шифохона орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. 2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.
Дори воситалари чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, айри ҳолатлар жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Яъни, 2023 йил 1 майдан бошлаб:
– жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чеки фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органлари махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот тизимидаги дори воситалари чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;
– матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситалари чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилгани аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади;
– харид чеки бўйича нарх дори воситаси чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!