O‘zbekiston, Yangiliklar

Чортоқда 15 га яқин аёл ва чақалоқларни бир хонага жойлаштирган тиббиёт бирлашмаси раҳбари ишдан олинди

Чортоқда 15 га яқин аёл ва чақалоқларни бир хонага жойлаштирган тиббиёт бирлашмаси раҳбари ишдан олинди
Кадр: Telegram / @daryo

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги туғуруқхонада 15 нафарга яқин аёл ва болалар тасвирланган видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Дастлабки таҳлилларга кўра, 50 ўринли Чортоқ туман туғуруқ бўлимида шу йилнинг ўтган 9 ойида 3700 нафардан ортиқ ҳомиладор аёл фарзандли бўлган. Муассасада 2022 йил центябр ойига қадар кунига ўртача 13 та туғуруқ амалга оширилган бўлиб, бу давр оралиғида шифохонанинг ортиқча юклама билан ишлаши деярли кузатилмаган.

Бироқ центябр ойида кунлик туғилишлар сони ўртача 20 тага ортиб кетгани боис, шифохонада ўрин-жойлар етишмовчилиги юзага келган. Аммо туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан мазкур масалани ҳал этиш бўйича ўз вақтида керакли чора-тадбирлар кўрилмаган. Оқибатда ушбу туғуруқ бўлимидаги палаталарда ўрин-жойлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилган.

Яъни самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобига ҳомиладор аёллар учун қўшимча ўрин-жойлар яратиш имконияти мавжуд бўла туриб, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти мазкур муаммога совуққонлик билан ёндашган. Ана шуларни инобатга олган ҳолда, иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Тоҳир Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз навбатида, юзага келган муаммоли вазиятни тезкор бартараф этиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасидаги самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобидан туғуруқ бўлими учун қўшимча яна 20 та, жами 70 та ўрин-жой ажратилди. Соғлиқни сақлаш вазири раҳбарлигида ўтказиладиган танқидий йиғилишда юқорида қайд этилган ушбу ҳолат мисолида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга доир муаммоли масалалар ҳамда уларнинг амалий ечимлари муҳокама этилади.