Қорақалпоғистон Республикасидаги барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари 11 ноябрдан бепул тайёр озиқ-овқатлар билан таъминланади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022/2023-ўқув йилида Қорақалпоғистондаги 716 та таълим муассасаларида 143 577 нафар бошланғич синф ўқувчилари кейтеринг ташкилотлари томонидан бепул озиқ-овқат билан таъминланиши белгиланган. Ушбу мактаблар ҳудудлар кесимида 64 та лотларга жойлаштирилди.
Платформага жойлаштирилган 64 та лотлардан 41 та лот 11 та тадбиркорлик субектлари томонидан ютиб олиниб шартномалар расмийлаштирилди, ҳозирда 716 та умумтаълим мактабларидан 481 та мактабда бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланмоқда.
22 та лотда баҳолаш ишлари тугатилиб, баённомалар расмийлаштирилиб, 24 октябрдан бошлаб нонушта тарқатилиши режалаштирилган эди. Лекин Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномасига асосан “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги”ги низомнинг бузилиши бўйича ўтказилган 22 та лотлар танлови ишчи гуруҳ комиссияси томонидан бекор қилинди ва бундан ташқари, тадбиркорлик субекти томонидан 1 та лот бекор қилиниб, жами 23 та лот танлов (тендер)га қайта жойлаштирилди.
“Жорий йил 11 ноябр куни ўқиш бошланиши билан барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул тайёр озиқ-овқатлар билан таъминлаш режалаштирилган”, дейилади Қорақалпоғистон ХТВ хабарида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!